Ўзбекистон Мустақиллик кунига бағишланади:
(JAPAN TIMES газетаси, Япония, 2025 йил 1 сентябрь)
1991 йил 31 август куни ўз тақдири ва келажагини мустақил равишда белгилаш ҳуқуқини қўлга киритган халқимиз дунё харитасида янги давлат – Ўзбекистон Республикасини барпо этди.
Жорий йил кўп миллатли халқимиз мустақилликнинг 34 йиллигини “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” деган бош шиор остида нишонламоқда. Мустақиллик — “Ўзбекистон–2030” стратегиясини амалга ошириш, жамиятда тинчлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқларини таъминлаш, минтақада яхши қўшничилик алоқаларини йўлга қўйиш ва жаҳон давлатлари билан ҳамкорликни чуқурлаштиришда асосий пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар мамлакатимизга дунёга очилиб яшаш, эркин халқлар оиласида муносиб ўрин эгаллаш ва замонавий тараққиётга интилиш имконини бермоқда. Бу ютуқлар халқаро ҳамжамият томонидан ҳам эътироф этилмоқда.
Иқтисодий ўсиш суръатлари ҳам салмоқли. Халқаро валюта жамғармаси маълумотларига кўра, 2024 йилда Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти 115 миллиард долларга етди, иқтисодий ўсиш суръати эса 6,5 %ни ташкил этди. Охирги саккиз йилда ЯИМ икки бараварга ўсди. 2030 йилгача бу кўрсаткични 200 миллиард долларга етказиш режалаштирилган.
Инвестиция ва экспорт кўрсаткичлари ҳам ўсиб бормоқда.
2023 йилда инвестициялар ҳажми 35 миллиард доллар, экспорт эса
27 миллиард долларни ташкил этди. Охирги икки йилда чет эл сармояси иштирокида 5,5 мингдан зиёд янги корхона очилиб, умумий сони 16 мингдан ошиб кетди.
Ўзбекистон халқаро рейтингларда ҳам барқарор юқорилаб бормоқда. Сўнгги беш йилда мамлакатимиз “Иқтисодий эркинлик индекси”да 48 поғона, Гарвард университетининг “Иқтисодий мураккаблик индекси”да эса 28 поғона кўтарилди. Шу билан бирга, нуфузли S&P агентлиги Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтинги прогнозини “барқарор”дан “ижобий”га оширди.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган йирик лойиҳалардан бири — “Янги Тошкент” шаҳри қурилишидир. У ерда замонавий инфратузилма, молия марказлари ва йилига 20 миллион йўловчига хизмат кўрсатадиган халқаро аэропорт барпо этилади. Лойиҳага халқаро инвесторлар ва молия институтлари жалб этилмоқда.
Марказий Осиёда яхши қўшничилик сиёсати самараларини бермоқда. 2024 йил 31 март куни Хўжанд шаҳрида Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон президентлари давлат чегарасини делимитация қилиш бўйича тарихий шартномани имзолаб, кўп йиллик муаммоларга чек қўйишди. Бу ҳужжат ва очилган “Дўстлик стеласи” қардош халқлар ўртасидаги ишонч ва ҳамкорликнинг янги рамзига айланди.
Спорт соҳасида ҳам тарихий натижалар қайд этилди. Ўзбекистон миллий футбол терма жамоаси илк бор 2026 йилда АҚШда ўтадиган Жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритди. Боксчиларимиз эса халқаро мусобақаларда етакчиликни давом эттирмоқда.
Ўзбекистон ташқи сиёсатда очиқлик ва тенг ҳамкорликка асосланган йўлдан бориб, Япония билан алоқаларга алоҳида аҳамият қаратади. Япония 1991 йил декабрда мамлакатимиз мустақиллигини эътироф этган илк давлатлардан бири бўлди. 1992 йил январь ойида дипломатик муносабатлар ўрнатилганидан бери икки томонлама муносабатлар барқарор ривожланиб келмоқда.
Бугун икки давлат савдо, инвестиция, саноат, энергетика, инфратузилма, таълим ва маданий алмашинув соҳаларида яқин ҳамкорлик олиб бормоқда. 2024 йилда икки мамлакат ўртасидаги савдо айланмаси 35 %га ўсди. Япония компаниялари ва банклари билан лойиҳалар портфели 12 миллиард доллардан ошди. Ўзбекистонда 100 га яқин қўшма корхона ва ташкилот, жумладан, Ўзбекистон–Япония маркази самарали фаолият кўрсатмоқда.
2024 йилда икки томонлама делегация алмашинувлари фаол давом этди. Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA), Япония халқаро ҳамкорлик банки (JBIC) ва бошқа йирик ташкилотлар раҳбарлари Ўзбекистонга ташриф буюришди, ўз навбатида, Ўзбекистон парламент ва ҳукумат делегациялари Японияга борди. Ҳудудлараро алоқалар ҳам кенгаймоқда: Тошкент–Нагоя, Самарқанд–Нара, Самарқанд–Гифу, Наманган–Дазайфу, Риштон–Майдзуру ҳудудлари ўртасида ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган. Шу йилда Самарқанд вилояти ҳокими бошчилигидаги делегациясининг Нарага илк расмий ташрифи доирасида бизнес форумлар ва маданий тадбирлар ўтказилди.
Осака шаҳрида бўлиб ўтаётган EXPO 2025 бутунжаҳон кўргазмаси доирасида Ўзбекистон “Билимлар боғи: Келажак жамияти учун тажриба лабораторияси” мавзусидаги миллий павильонини тақдим этмоқда. Унда миллий меъморчилик ва япон анъанавий элементлари уйғунлаштирилган. Ўзбекистон павилони халқаро “Red Dot Award: Brands & Communication Design” танловида “Red Dot: Best of the Best” мукофоти билан тақдирлангани халқимиз учун катта фахрдир. 18 май куни мазкур кўргазма доирасида Ўзбекистон Миллий симфоник оркестри ва Рихтер триоси иштирокида гала концерт бўлиб ўтди, 17 август куни эса “Ўзбекистон Миллий куни” кенг нишонланди.
Яқин келажакда “Марказий Осиё + Япония” саммитига тайёргарлик кўрилмоқда. Ишончимиз комилки, тарихий ва маданий алоқалар, замонавий муносабатлар ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик икки мамлакат ўртасидаги стратегик шерикликни янада мустаҳкамлайди ва самимий дўстлик ришталарини янги босқичга кўтаради.